Сабзавот, полиз экинлари ва картошка агротехнологияси лабораторияси

0
490

Сабзавот, полиз экинлари ва картошка  технология лабораторияси 1987 йилда, УзОКОС қошида 1933 йилда ташкиллаштирилган, агротехника ва механизация лабораторияларни бирлаштириш орқали ташкил топган. Агротехника лабораториясига 1966 йилгача Республикада хизмат кўрсатган аграном, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди  А.К. Каримов раҳбарлик қилган. У кўплаб илмий ишланмалар, мақолалар муаллифи бўлибгина қолмай, сабзавотчиликда агротехнология тараққиётини  ривожлантиришда ўзининг улкан илмий хиссасини қўшган.

Лабораторияга 1966-1985 йилларда Ўзбекистонда сабзи экинини етиштириш технологиясини ишлаб чиқишда улкан хиссасини қўшган олим  қишлоқ хўжалик фанлари номзоди  Х. М. Мирпаязов бошчилик қилган.

Механизация лабораториясини Республикада хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими, техника фанлари номзоди Е.И.Хизкилов 1955 йилдан 1987 йилгача бошқарган. Унинг раҳбарлигида механизация лабораторияси Россия ва Германия қишлоқ хўжалиги машиналари базасида сабзавот ва картошкани  механизациядан кенг кўламда фойдаланган ҳолда етиштириш  жараёнларини ишлаб чиққан.

1987 йили ташкил этилган сабзавот, полиз экинлари ва картошка етиштириш технология лабораториясига 1995 йилгача қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Р.М. Якубжанов раҳбарлик қилган бўлса, 1995-2011 йилларда бу лавозимда қишлоқ хўжалик фанлари номзоди  Қорабоев М., 2012 йилдан шу кунгача қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Азимов Б.Ж  лаборатория раҳбари бўлиб ишлаб келмоқда.

Ўтган 80 йил мобайнида лаборатория таркибида самарали меҳнат қилган илмий ходимлар: Смирницкий Е., Ходжаев М., Қўчқоров С., Джуров П.Г., Махкамов С.М., Малицкий Н.А., Пушкарская Н.П, Умарова Ф.Г., Банасис Ф.А., Липилин Б.Я., Сохта А., Рахматуллахўжаев Н., Утепов Б., Скворцов И.В., Якушина Р.П., Қорабаев Т., Аймаков А., Нехай Н.Н., Дадамухамедов Т.С., Қосимов Р., Илхомов Н., Ганиев Ф.К., Расулов Ф., Низомов Р. ва бошқалар.

Технология лабораториясининг илмий изланишлардаги асосий йўналиши сабзавот, полиз ва картошка экинларини етиштиришда мунтазам равишда технологик жараёнларни ва техник воситаларни ишлаб чиқиш ва илмий асослашдир.

Жумладан, агротехника ва механизация лабораторияси ходимлари томонидан трактор ёрдамида чоррахали ишлов бериш йўли билан белгилаб қўйилган текис далага механизация ёрдамида тарвуз экинини уялаб экиш усули, шунингдек картошка ҳамда карамни квадрат уялаб экиш ва уларга чоррахали ишлов бериш  усуллари   ишлаб чиқилди.  М.Ходжаев томонидан эртапишар помидор ва эртаги карамни гўнг ва чиринди тувакчаларда  етиштириш технологияси ишлаб чиқилган.  Тувакчаларда етиштириладиган экин  кўчатларини экиш муддати, схемаси ва  усуллари бўйича тавсиялар берилган.

1965-1970 йилларда агротехника лабораторияси илмий ходими С. Қўчқоров сабзавотчиликда қатор ораларига ишлов бериладиган алмашлаб экишда экинларни навбатлаб экиш агротехник тадбирлар асосини ишлаб чиқди. П.Г.Джуров томонидан сабзавот экинларини алмашмасдан етиштириш  усуллари ишлаб чиқилган. Малицкий Н. А. ва С. Махкамовлар алмашлаб экишда дуккакли экинларни қўллаган ҳолда сабзавот экинларини етиштириш технологиясини ишлаб чиққанлар. Н.П. Пушкарская томонидан зичлаштирилган ва бирга қўшиб экилган сабзавот экинларни етиштириш усули ишлаб чиқилган. Х. Мирпаязов сабзавотларни кеч кузда экиб эрта ҳосил олиш агротехник тадбирлар устида ишлаган.

А.К. Каримов ва Ф.Г. Умаровалар тупроқ унумдорлиги ва суғориш тартиботини боғлаган ҳолда,  қовуннинг энг қулай экиш схемасини аниқлаганлар. Кам тарқалган сабзавот экинлари агротехник тадбирларини Ф.А. Бананис ишлаб чиққан.

Механизация лабораторияси ходимлари 1961-1968 йилларда очиқ ва ҳимояланган ерларда сабзавот ва полиз экинларини уйғунлашган механизация ёрдамида етиштириш ва йиғиб олиш устида ишлар олиб борганлар.

Б.Я. Липинин биринчи бор тарвуз уруғини механизация ёрдамида экишда СТВХ-4 чигит экгичдан фойдаланган. Ушбу экгичга уруғни саралайдиган хар ҳил катакли махсус дискалар ясалган бўлиб у тарвуз, қовун, бодринг уруғини экишни таминлаган. Бу усулда экиш қўлда экилганга нисбатан ишлаб чиқариш унумдорлигини  9 баробарга оширган.

Бу йилларда давомида Н. Рахматуллахўжаев томонидан  сабзавот, картошка ва бошқа сабзавот экинлари етиштириш технологик харитасини такомиллаштириш борасида  солиштирма изланишлар олиб борилган. РП-2,1 ротацион юмшатгич ёрдамида экин экишдан олдин ерни тайёрлашда   бажариладиган  қўшимча тадбири  технологик харитага киритилган.

Механизация лабораторияси мудири Е.И. Хизкилов томонидан картошкачилик техника воситалари дала шароитида ишлаши бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилган. Ушбу илмий изланишлар натижаларида   СН-4Б русумли картошкаэкгич, УБД-3 русумли поя йиғиштирадиган машина, КТН-2В русумли картошка ковлагич, РКС-10 русумли картошка саралагич ва  КГП-2 русумли картошка комбайнларини самарали қўлланилиши бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Ғўлакланган помидор, карам, пиёз ва сабзи  уруғларини механизация ёрдамида ерга экиш усулини А. Сўхта ва Б. Утеповлар томонларидан ишлаб чиқилган. Лаборатория ходимлари И.В. Скворцова ва Р.П. Якушиналар зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш учун захарли аралашмасини пуркайдиган қайтарувчи форсунка типидаги шарнирли-полозлик пуркагич конструкцияси ишлаб чиқилиб саноат корхоналарига таклифлар киритганлар.

Ўтган асрнинг 80 йилларида Н. Рахматуллаходжаев томонидан карам ва картошкани суғориш жараёнларининг эгатлаб, ёмғирлатиб, ер ости ва томчилатиб суғориш усуллари ўрганилганда, томчилатиб ва ер ости суғориш усуллари, эгатлаб суғориш усулига нисбатан сувни 13,8-30,2 фоизгача тежаш имкониятини таъминлашини ва кечки карамнинг Судья нави ҳосилдорлигини 21,1% ва Седов навли картошкани 14 % ошиш имконияти беришини таъминланиши аниқланган.

Технология лабораторияси мудири Р.М.Якубджонов ва илмий ходимлар Е.И.Хизкилов, Ф.К.Ганиев, Н.Н.Нехайлар томонидан институтнинг бошқа лабораториялари билан хамкорлигида помидор ва оқбош карамларни парваришлашда йўналтирувчи шелерезлар ва пассив чопиқ роторлари орқали  механизациялаштирилган технологияси синовдан ўтказилиб, ишлаб чиқаришга жорий этилиши таклиф этилган.

90 йилларда, технология лабораторияси илмий ходими Ф.К.Ганиев ва  Пахтачилик машиналарининг бош махсус конструкторлик бюросининг мутахассислари билан хамкорликда Хитойнинг “ФЭНШОУ-180-3” русумли мини-трактор базасида машиналар тўплами ишлаб чиқилган.  Жумладан: ПО-1-30 бир корпусли айланма плуги, ОБ-300 русумли штанга-брандспойтли пуркагич мосламаси, пахта култиваторининг ишчи органлари базасида икки қаторли осма культиватори, бир брусли ўриш мосламаси ва майда сабзавот уруғларига ихтисослашган икки қаторли экгичлар ясалиб давлат қабул синовларидан ўтказилиб саъноатда ишлаб чиқаришга тавсия этилган. Ушбу техник воситалари базасида, кичик хажмли хўжаликлар учун сабзавот ва картошкани парваришлашда қўлланиладиган технологиялар ишлаб чиқилган.

Шу йилларда, Ф.К.Ганиев ва Пахтачилик машиналарининг бош махсус конструкторлик бюроси мутахассислари билан хамкорлигида  икки ва тўрт қаторли машиналар ва иш қуролларининг комплекси ишлаб чиқарилган. Шулардан:  ПО-2-30 русумли икки корпусли айланма плуги, икки ва тўрт қаторли орқа осмали культиваторлар, СММ-4  русумли сабзавот экгичи, ПН-2,2 ва ПН-3,5 русумли сабзавот платформалари, КС-2, КС-4 русумли картошка экгичлари, ГФ-2, ГФ-4 русумли ротацион эгат олгичлар, ОШБ-7 русумли штанга-бранспойтли пуркагичи, КН-2 русумли картошка ковлагичи ва СКК-3 русумли картошка туганакларини саралаш-калибровкалаш машиналари яратилиб  қабул синовларидан мувафаққиятли ўтиб, ишлаб чиқаришда жорий қилишга таклиф этилган ва улар асосида Голландия технологияси ўрнига  муқобил  картошка етиштириш технологияси ишлаб чиқилган.

2003-2008 йилларда, сабзавот, полиз ва картошка экинларини  етиштиришда эгатларни полиэтилен плёнкаси билан мулчалаб парваришлаш технологиялари ва техник воситалари ишлаб чиқилди. Жумладан: ижрочилар А.Караханов, Ф.К.Ганиев, А.Ибрагимов, А.Толибаевлар томонларидан, пахтачилик худудларида помидор экинини 90 см қаторларда кўчатсиз  етиштириш учун бир йўла экиш ариқларини очиб, тагига помидор уруғларини экиб, устига тонель шаклида шаффоф плёнка билан ёпиш агрегат макети ишлаб чиқилди. Ушбу экиш агрегати “Сабзавот экинларининг уруғларини бир қаторли ариқ тагига қадаб, бир вақтнинг ўзида пленка билан ёпиш агрегати” фойдали моделига 2010 йил 11 ноябрда № FAR 00586 патенти олинган. Хамда “Энг яхши фойдали модель” номинацияси бўйича 1 даражали диплом билан тақдирланган.

Бундан ташқари, 2003-2008 йилларда   Ф.К.Ганиев ва А.М.Аббасов томонларидан помидорни уруғуни тўғридан тўғри очиқ далага эгатларни қора плёнка билан мулчалаб  етиштириш технологияси ишлаб чиқилган. Қора плёнка экилган уруғларини эрта ва тўлиқ униб чиқишини таъминлайди ва бир йиллик бегона ўтларни униб чиқиши ва ўсиб ривожланиши тўхтатади, тупроқ юмшоқ ва нам ҳолда сақланади. Ушбу парваришлаш усули қўлланилганда ўсимликларнинг илдиз қисми бақувват бўлиб ривожланади ва тупроқнинг чуқурроқ катламигача ўсиб бориши таъминланади. Бундан ташқари  юқоридаги парваришлаш усулини амалда қўлланилиши помидор ўсимликларини курғоқчилига ҳамда касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини  оширади. Шунингдек помидор ва бошқа томатдош экинларни кўчатлар орқали етиштиришга нисбатан уруғлари билан экиб, қора плёнка орқали мулчалаб парваришлаш усулини қўллашда 20 дан ортиқ технологик жараёнларини қисқаришини ва дизел ёқилғиси сарфини гектарига 50 литргача иқтисод қилинишини таъминланади.

Шу йиллар мобайнида Ф.К.Ганиев томонидан картошка, сабзавот ва полиз экинларини ишлаб чиқаришини механизациялаштириш  учун  машина ва технологияларнинг тизими ишлаб чиқилган хамда  2011-2015 йиллар учун сабзавот, полиз экинлари ва картошкани парваришлаш ва йиғиштириш бўйича технологик харитаси ишлаб чиқилган.

2003-2008 йилларда УзМЭИ, УзСПЭваКИТИ, СКБ “Трактор” мутахассислари (Ганиев Ф.К., Бойметов Р.И.,  Осипов О.С., Усманов И.И., Зелинская Н.П., Байиров М., Кодиров А. ва бошқалар) билан ҳамкорликда ТТЗ-80.11 миллий модел, пахтачилик, уч ғилдиракли, чопиқ трактори базасида ТТЗ-100SP русумли сабзавотчилик тракторни тажриба намунаси яратилди. ТТЗ-100SP  русумли  тракторига  100 от кучига эга бўлган Д-245 дизель двигатели ўрнатилган, орқа гидроосма системаси кучайтирилган бўлиб,  юк  кўтариш  қуввати  2000 кгс тенг, олдинги кўприги етакчи; олдинги гидроосма системаси юк кўтариш қуввати 2000 кгс; олдинги қувват олиш валининг айланиш сони 1000 об/мин.

ЎзМЭИ,  ЎзСПЭваКИТИ ва БМКБ “Агромаш” мухахассислари (Ганиев Ф.К., Осипов О.С., Тухтакузиев А., Ибрагимов Д., Дамаев Ю.И., Зелинская Н.П. ва бош.) билан биргаликда яна ушбу тракторга горизонтал актив ишчи органли, қамров кенглиги 2,8 м  тупроқ фрезаси; штанга-брандспойтли, қамров кенглиги 2,8 м пуркагич мосламаси; қамров кенглиги 1,4 м. бўлган поя-палак майдалагичи каби фронтал осиладиган машина ҳамда қуроллар тажриба намуналари ишлаб чиқилиб  яратилди.

Бир юришда бир неча турдаги технологик иш турларини бажарувчи таъкидланган ушбу комбинациялашган машина-трактор агрегатлари ёрдамида Ф.Ганиев и Ф.Расуловлар томонларидан картошкани замонавий технологик жараёнларини бир неча турини бир йўла амалда бажарувчи технологияси ишлаб чиқилди.

2009-2011 йилларда профессор Б.Д.Азимов ва ходимлар Ф.К.Ганиев, М.Корабаев томонларидан эгатларни қора пленка билан мулчалаб помидор ва ширин қалампирни кўчатсиз етиштиришда механизациялаштириш  технологик жараенлари ишлаб чиқилган.

2012 йилдан проф. Б.Д.Азимов ва ходимлар Ф.К.Ганиев, Р.А.Низомов томонларидан мазкур технологияни такомиллаштириш учун сабзавот ва полиз экинларини бир йўла эгатларни қора пленка билан мулчалаб, томчилатиб суғориш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш сувтежаш технологиясини ишлаб чиқмоқдалар.

Ҳозирги вақтда Сабзавот, полиз экинлари ва картошка агротехнологияси  лабораториясига қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Ботир Жўраевич Азимов раҳбарлик қилмоқда. Лабораторияда илмий ходимлар Ганиев Фарход, Рахматов Анвар, лаборантлар Рахимова Малика, Рахимова Ойниса ва Низомов Номозлар ҳамжиҳатлик билан фаолият кўрсатмоқдалар.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here